Uzum bogʻimning bir tomoni yozda sargʻayib uzumlari va novdalari nimjonlashib qoldi novdasidan vet d…

Savol:

Assalomu alaykum Ikrom aka uzum bogʻimning bir tomoni yozda sargʻayib uzumlari va novdalari nimjonlashib qoldi novdasidan vet dorixonaga koʻrsatgandim temir yetishmagan dedi yana shunaqa boʻlmasligi uchun nima qilsam boʻladi. Javob uchun oldindan rahmat

Javoblar

ТЕМИР ТАНҚИСЛИГИДАН кўп йиллик ўсимликлар, масалан, мевали дарахтлар, ток ва буталар: бир йиллик ўсимликларга нисбатан кўпроқ қийналади ҳамда хлороздан кучлироқ жабрланади. Яъни, мевали дарахтларда ва токда темир танқислиги тез ва яққол билинади. Аслида, ТУПРОҚДА темир миқдори анча кўп бўлади, бироқ ўзлаштирилмайдиган, маҳкамланган шаклларда бўлади, яъни ўсимликларда темир танқислиги ва буни оқибатида келиб чиқадиган касалликлар уни камлигидан эмас, уни ўсимликлар ўзлаштира олмаганидан пайдо бўлади. Одатда серкарбонат ва ишқорий тупроқларда, айниқса марганец элементи кўп бўлган тупроқларда темир танқислиги кўпроқ кузатилади. Бундан ташқари, тупроқда оҳак миқдори ва рух, мис, фосфорни кўплиги ҳам темирни фаоллигини чеклаб қўяди. Яна, далаларни ортиқча сув босиши ҳам темир танқислигини юзага келтиради, бунда тупроқда кислород етишмаслиги натижасида темир оксидлари ва закислари ҳосил бўлади, ўсимликлар нафас олишга қийналади. Умуман, олганда тупроқда кислородни камайиши, яъни ерни зичлашиши ҳам темир танқислигини пайдо қилади.  ТЕМИРЛИ ЎҒИТ сифатида ТЕМИР КУПОРОС кенг ишлатилади, бу ўғит темирни анорганик тузи ҳисобланади ва таркибида 47-53% темир сулфат сақлайди. Темир купорос оч яшилсимон криссталл модда. Бироқ, тупроққа темирни анорганик тузларидан ташкил топган ўғитларни, масалан темир купорос кабиларни бериш ҳам кўпинча ўзини оқламайди, чунки, темир тупроққа тушгач, тезда тупроққа боғланиб, маҳкамланиб, ўзлаштирилмайдиган шаклларга ўтиб қолади, хусусан темир купорос ҳам. Шу сабабли бу ўғитни тупроққа бериш олдидан торф ёки чириган гўнг билан аралаштириш керак. Темир купоросни кўпинча фунгицид сифатида, яъни, замбуруғли касалликларга қарши ишлатадилар. Масалан, уни 0,1-0,2% ли эритмаси оидиум, антракноз, баргларни доғланиши, хлороз касалликларида баргларга пуркалади. Фақат, боя айтганимиздай бу хлороз темир танқислигида пайдо бўлган бўлса. Бироқ, кўпинча бу пуркашда баргларни заҳарланиб қолиш ҳоллари содир бўлади, шунинг учун охирги вақтларда темирни органик бирикмалари, яъни ХЕЛАТЛАРДАН фойдаланишга ўтилаяпди. Хелатларни тупроққа солиш ҳам, илдиздан ташқарида, яъни баргларга пуркаб ҳам ишлатиш мумкин, кўпроқ баргларга пуркаш фойдалироқ. Хелатлар осон эрийди ва тупроққа маҳкамланиш ҳолати ҳам кам бўлади. Хелатлар асосини аминополисирка кислота ташкил этади, таркибида 10-12% темир сақлайдиган ҳидсиз эритма. Умуман олганда хелатлар микроўғитлар сифатида кенг қўланилаяпди, улар сувда яхши эрийди, ўсимликлар томонидан осон ўзлаштирилади ва ўсимликларга зарарли таъсири йўқ. Хелатларда темирдан ташқари рух, марганец ва мис ҳам сақланади. Тупроққа экиш олди бошқа ўғитлар билан бирга берилади, кўпинча баргларга пуркалади. Демак, боя айтганимиздай, тупроқ зичланса, яъни унда кислород камайиб кетса, бундай ерларда темир танқислиги ҳам пайдо бўлади, агар тупроқ ҳар доим юмшоқ ҳолатда турса, яъни  кислород етарли бўлса, тупроқдаги боғланган темирни бир қисми табиий равишда осон ўзлаштирилувчи органик темирга, яъни хелат шаклга айланади ва ундан ўсимликлар бемалол фойдаланиши мумкин. Демак, боғми, экинми фарқи йўқ, уларни қатор ораларини ҳар доим юмшатиб туриш керак, бу иш хлорозни ёки темир танқислигини олдини олади. Мени кўп ҳайрон қолдирадиган ҳолат, ҳозирги боғларни ичини, дарахт атрофларини юмшатиб турилмаслиги, бу тадбир нафақат темир танқислигини олдини олади, балки тупроқ зичланишига чидамсиз бўлган мевали дарахтларни кўп ва сифатли ҳосил беришини таъминлайди.