ШУМКАЯ нима у канака булади?????

Savol:

Ассалому алайкум Ака ШУМКАЯ нима у канака булади?????

Javoblar

Шумғиялар анчайин хавфли ва турлари кўп бўлган паразитлардир. Улар маданий экинларда ҳам, бегона ўтларда ҳам паразитлик қилаверади. Шумғияларни маданий экинларда паразитлик қиладиган энг хавфли турлари бу: кунгабоқар шумғияси, шохланувчи, яъни толали наша шумғияси, миср, яъни полиз шумғияси, мутел шумғияси ва беда шумғияларидир. Шумғияларни илдизлари толаларга айланиб кетган бўлади ва ўсимликларни илдизига ёпишиб, ундаги озиқ моддаларни сўради. Шумғия поясини баландлиги 50 см. гача боради. Деярли ҳар бир турдаги шумғияни ўзини асосий экини бўлади, лекин бошқа экинларни ҳам зарарлаши мумкин, масалан кунгабоқар шумғияси: кунгабоқардан ташқари яна помидор, тамаки, мохорка, махсар ва шувоқда ҳам паразитлик қилади, бироқ соя, карам, картошка ва ханталларни зарарламайди. Миср, ёки полиз шумғияси эса 70 га яқин ўсимликларни, жумладан, полиз экинлари, қовоқдошлар, картошка, тамаки, карам, помидор, бақлажон ва бошқа сабзавот экинлари ҳамда кунгабоқар, хантал, турнепс, ерёнғоқ, кунжут кабиларни ҳам зарарлайди, лекин ғўза, лавлаги, беда ва токни зарарламайди. Шохланувчи шумғия эса асосан тамаки, толали наша, карам, сабзи, қовун, кунгабоқар, ерёнғоқ, укроп каби экинларда паразитлик қилади. Умумий олганда эса томатдошлар, қовоқдошлар, карамдошлар оиласига кирувчи экинларни зарарлайди, лекин лавлаги, пастернак, петрушка, бақлажон ва қалампирларни зарарламайди. Шумғияларни тарқалиши анча осон, уларни чанг каби майда ва енгил уруғлари ҳаво ва сув орқали, инсон пойафзаллари, иш қуроллари, экинларни ҳосили ва пояларига ёпишиб, ҳамда шамоллар билан катта майдонларга тарқалади. Шумғияларни уруғлари тупроқни ҳайдалма қаватидаги исталган чуқурликдан униб чиқиши мумкин, лекин бунинг учун у зарарлайдиган экинлар шу жойда бўлиши керак, чунки шумғия уруғи экинларни илдизларидан чиққан ажратмалар таъсиридагина униб чиқа олади, агар шу жойда бу экинлар бўлмаса, унда улар униб чиқа олмайди, ўзини экинларини келишини кутиб, тупроқда 8-12 йилгача ётаверади. Илдиз ажратмалари қанча кўп бўлса, улар шунча кўп униб чиқади. Биламизки, тупроқда намлик кам бўлса, илдиз ўзидан кўп миқдорда ажратма чиқаради, шу сабабли қурғоқчил йилларда ёки вақтида суғорилмайдиган кунгабоқарда шумғия билан зарарланиш кучли бўлади. Салат, зиғир, маккажўхори, соя, беда, йўнғичқа, помидор, ернок каби экинларни илдизлари чиқарган ажратмалар шумғияларни униб чиқишини рағбатлантиради, бироқ, бу экинлар шумғияга мойил бўлмаганлиги сабабли, шумғиялар униб чиқади, аммо ўзини экинини тополмай нобуд бўлади. Шумғияларни йўқотишда алдамчи экинларни экиш худди шунга асосланган. Шумғияларни уруғи униб чиққач, ўз экинларини илдизига ёпишиб, ундаги озиқ моддаларни сўриб бошлайди, бу дастлабки вақтларда тупроқ ичида яширин боради ва тезда кўпайиб, илдиз атрофида қавариқлар пайдо бўлади. Шумғияларни йўқотишда у билан зарарланган экинларни уруғлари шумғия уруғидан яхшилаб тозаланади, экин майдонларини олдинги йил шумғия босган бўлса, ёки чиқади деб гумон қилинса, унда уруғ ёки кўчатлар экишдан аввал 1 гектарга 1 кг дан Метрабузин деган гербицид билан ишлов бериш керак. Шумғиялар пайдо бўлганда юлиб, ёқиб ёки чуқур кўмиб ташланади. Шумғиядан кўп зарарланувчи экинлар: алмашлаб экиш тартиби бўйича, 6-8 йилда бир марта экилади. Даладаги ва дала четидаги бегона ўтлар шумғияларни ўчоғи ҳисоблангани учун уларни мунтазам йўқотиб туриш керак. Шумғия кўп бўладиган жойларга кунгабоқар алдамчи экин сифатида зич қилиб экилади, бунда шумғиялар ёппасига униб чиқади, шумғияларни камроқ қисмида гултўплар пайдо бўлгач, кунгабоқар силосга ўриб ташланади. Бунда шумғиялар уруғлашга улгурмайди ва бу тадбир натижасида уларни жуда катта қисми йўқотилади. Қашқарбеда ёки йўнғичқа ҳам худди шу тартибда алдамчи экин сифатида экилади. Булардан ташқари, шумғияларни йўқотишда биолабораторияларда кўпайтириладиган фитомиза пашшасидан ҳам кенг фойдаланиш мумкин. Фитомиза пашшаси шумғияни гулига тухум қўяди, бу тухумдан чиққан личинкалар шумғияларни гули ва уруғини йўқ қилади. Ана шу тадбир натижасида шумғияларни уруғи 71% гача камаяди.

(!)Шумғияни йўқотувчи химиявий препаратларни бизда яхши ишлайдиганини шахсан ўзим кўрмадим ҳали. Тўғри, четда таъсир қилувчи моддаси имзамок + имизапир бўлган гербицидлар, масалан Сингента фирмасини Каптора деган гербициди яхши ишлайди дейишади, лекин шахсан ўзим синаб кўрганим йўқ. Бордию, сизда шумғия кўпайиб кетса ва шу таркибдаги гербицидларини топсангиз, қутисидаги қўлланмаси бўйича озроқ жойда ишлатиб кўришингиз мумкин, ўхшаса қолган ерларга ҳам сепиб ташлайсиз. Лекин шумғиями ёки бошқа паразитларними: химикатлари қиммат, ҳам тўлиқ самарасига шубҳа бор, шунинг учун тинчгина энг ишончли тадбирлар бўлган профилактика ва юқорида айтилган агротехник тадбирлар билан буларни аввалроқ йўқотиб бориш керак. Яъни, бизда қизиқ бир одат бор: экинларимизга касаллик, зараркунанда, бегона ўтлар ёки шу каби паразитлар тушиб кетгачгина ҳаракатга тушамиз, ваҳоланки булар ҳар йили қайта-қайта келишини биламиз ва вақтида профилактикаси ёки бошқа агротехник тадбирларини олдиндан қилиб қўймаймиз, сўнг буларни йўқотиш учун химикатларига миллионлаб кераксиз харажатлар қилиб, химикат ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларини боқиб ётамиз. Агротехник тадбирлар, яъни ерни шудгорлаш, экишга тўғри таёрлаш, ўз муддатида экиш, шудгор олди ва экиш олди органик, минерал ўғитлар бериш, ўсув даврида илдизидан ва баргидан озиқлантиришлар ҳамда нормасида суғоришлар: нафақат буларни йўқ қилади, балки экинларни ҳосилдорлигини ҳам кучли оширади.