Ikrom aka bizda soviqdan keyin yomgir yogmadi galla yerini namligini qanday aniqlaymiz qanday namlikda suv berish kerak boladi rahmat oldindan
Буни аниқ тушуниш учун ТУПРОҚНИ СУВ САҚЛАШ ёки сувни ушлаб қолиш ҚОБИЛИЯТИ деган нарсани билиш керак. Бунга НАМ СИҒИМИ дейилади. Биламизки, ер суғорилгач ёки ёғингарчиликлардан кейин ортиқча сув: тупроқни пастки қатламларига ўтиб кетади. Лекин, тупроқда шу сувни бир қисми, аниқроғи тупроққа сиққан қисми: тупроқдаги муаллақ капилляр ковакликларда сақланиб қолади ва шу ўзимиз билган оддий ТУПРОҚ НАМЛИГИНИ ҳосил қилади. Тупроқни бу 3- хоссасини, яъни тупроқ намлигини ижикилаб тушунтиришдан мақсад, экинларни етиштиришни ўрганаётганимизда уни суғоришда фалон экин тупроқ намлигини 70% ида ёки 85% да энг яхши ривожланади деган гаплар кўп ишлатилади. Бу 70% ёки 85% намлик, боя айтганимиз, суғоришдан кейин ортиқча сув оқиб кетгач, муаллақ капиллярларда ушланиб қолган сув дегани. Агар, бу капиллярларни ҳаммаси тўлиқ сувга тўлган бўлса, бу тупроқ намлиги 100% бўпти дегани. Демак, тупроқ намлиги 70% дегани шу муаллақ каппиляр ковакликларни 70% и сувга тўлган деганидир. Адашмаслик керак, тупроқ намлиги 100% дегани бу тупроқ буткул сувга тўлиб, ботқоқ бўлди дегани эмас, бу бошқа нарса, яъни тупроқ намлиги 100% дегани: фақат каппиляр найчаларни ҳаммаси сувга тўлган дегани. Тупроқ намлиги 100% бўлганда ҳам экинлар ўсаверади, бироқ бу анча юқори, ортиқча намлик, бундан илдизлар ва тупроқ микроорганизмлари, тирик жониворлари қийналиб қолиши мумкин. Тупроқда капилляр найчалардан ташқари нокапилляр ковакликлар, йирикроқ бўшлиқлар ҳам бўлади, буларда асосан ҳаво сақланади, агар сув кўпайиб кетса ёки нормадан ортиқча суғорилса, ана шу ҳаво тўлган ковакликларга ҳам сув тўлиб бошлайди ва охирида барча бўшлиқлар сувга тўлиб, тупроқ ботқоқлашиб қолади. Биз айтаётганимиздаги 100% фақат капилляр найчалар, яъни, сизот сувига уланмаган, тупроқ қатламларидаги муаллақ капилляр ковакликлар: тўлиқ сувга тўлди дегани. Буни агрономияда "Чекланган дала нам сиғими" ёки қисқартириб ЧДНС деб айтилади. Русчада бу "Наименшенная влагоемкост" дейилади, буни таржимаси "энг кам дала нам сиғими" дегани, бироқ бу атама оддий деҳқонни чалкаштиради, чунки, тупроққа бириккан энг кўп сувни энг кам нам сиғими дейиш мантиққа тўғри келмайди, шунинг учун бизда тинчгина ЧДНС деб қўя қолинади. Демак, суғоришлар ёки ёғинлар натижасида бу капиллярларни барчасида сув тўла бўлса, яъни тупроқ тўлиқ, қоп-қора бўлиб намланса бу 100% лик ЧДНС дейилади. Ва, орадан вақт ўтиб бу запасланган сувлар тупроқдан буғланиши, ўсимликларга, тупроқ микроорганизмларига ва бошқа жараёнларга сарфланиши натижасида камайиб боради, бу камайиш оқибатида муаллақ капиллярлардаги сув 4 дан 3 қисмга тушса 75%, ярми қолса 50%, 4 дан 1 қисми қолган бўлса 25% ЧДНС дейилади. Биз эса бундан буёғига ЧДНС ни оддийгина қилиб, тупроқ намлиги деб атаймиз ва тупроқ намлиги 60, 70, 85% бўлганда деб кетаверамиз, яъни, тупроқ намлиги дейилганда ЧДНС назарда тутилаётган бўлади. Чунки, кўп айтдик, тупроқ намлиги бу тупроқдаги майда-катта найчаларда, ковакликларда сақланган сув ва ҳавони аралашмаси, айнан сув эмас. Бироқ, бошқа илмий китобларда тупроқ намлиги дейишдан кўра олифталик қилиб, аниқроғи илмий қилиб ЧДНС деб ёзилган бўлади, бу ҳар икки атамани маъноси бир хил, чалкашиб бу ЧДНС и нима эди деб юрмангизлар яна. Демак, тупроқ намлиги 100% бўлганда ҳам, илдизлар ва микроорганизмлар ҳаво, яъни кислород танқислигига учрамайди, чунки, бунда фақат капилляр найчалар сувга тўлган бўлади, нокапилляр ковакликлар ва йирик ёриқлар эса ҳаво билан тўлган бўлади, илдизлар шу ҳаводан нафас олаверади. Тупроққа нормадан ортиқ сув қуйилаверса, ЧДНС 100% дан ошиб кетади, бу дегани бояги ҳаво билан тўлган бўшлиқларга ҳам сув тўлиб бошлайди, ҳаво сиқиб чиқарилади, яъни, юқорида айтганимиз, тупроқ ботқоқлашиб боради ва илдизлар, микроорганизмлар, жондорларга ҳаво етишмай қолади. Имкони борича капиллярни ҳам 20-30% и ҳавога тўлган бўлса, бу энг қулай ҳаво режимини пайдо қилади, бунда, капилляр найчаларни 70-80% и сувга тўлади, бу оптимал намлик ҳисобланади. Яъни, ЧДНС ни 100% и энг максимал намлик бўлиб, бундан ортиғи кераксиз ва зарарли бўлади. Экинлар учун тупроқ намлиги 70% дан 85% гача бўлиши энг яхши шароит ҳисобланади.
Буни оддий усулда аниқлаганда: нам тупроқ қўлда сиқилади, сиқилгандан кейин сочилиб кетса, 60% намлик дегани, агар бу нам тупроқ салгина бир-бирига бирикса 70%, яхшигина ёпишса 80%, ёпишиб, шу ҳолда қолса 90%, қаттиқ сиқилганда бармоқ ораларидан озроқ сув чиқса 100% намликка эга дегани. Лекин, бу усул аниқ эмас, тахминан фоизлар шунга яқинроқ келиши мумкин. Тахминий деганимизни сабаби: тупроқларни механик таркиби, гумус миқдори ҳар-хил бўлади, бу қўлаки усулда эса ўртача тупроқ назарда тутилган. Қумли ёки оғир, ёки гумуси кам-кўп тупроқларда бундай қўлаки нам аниқлаш турлича натижа бериши мумкин, шунинг учун яхшиси, намликни ўлчайдиган битта асбобини сотиб олинг, тупроқни қисиб, қўлингизни кир қилмайсиз, ҳам аниғини чиқариб беради. ЧДНС ни, оддий айтганда тупроқ намлигини билиш нимага керак? Бу шунинг учун керакки, ҳар бир экинни ўзига мос қулай намлик чегараси бўлади, намликни бундан ошиши ҳам, камайиб кетиши ҳам экинни қийнаб қўяди. Бундан ташқари, керакли намликка эришилгандан сўнг яна берилган сув, яъни нормадан ортиқча суғориш тупроқдаги ҳавони сиқиб чиқаради, қолаверса бу сувни бекорга сарфлаш дегани, ўзи шусиз ҳам сув бизда танқис, қандай қилиб тежашни билмай ётибмиз. Етмаганига, ортиқча сув ўзи билан тупроқдаги озиқа моддаларни олиб оқавага чиқиб кетади, яъни биз берган ўғитларни бир қисмини ўз қўлимиз билан сувга ўғирлатиб қўямиз. Ва, ёки бу ортиқча сувлар ҳам мана шу озиқ моддаларни ўзида эритиб, пастга тушиб кетади, яъни сизот сувларига қўшилади, натижада сизот сувлари кўтарилиб, шўрланиш пайдо бўлади. Айтганча, нега боя қўлда бўлса ҳам тупроқ намлигини аниқлашни 60% дан бошладик. Чунки, тупроқдан намлик юқорида айтилган турли сабабларга кўра камайиб бораверади ва маълум даражагача камайгандан кейин, капилляр найчалар тизими бузилади, яъни, капилляр найчалар узилиб кетади. Буни маъниси, агар шу ҳолат юз берса, илдизлар сувдан маҳрум бўлади, экинларга сув етишмай қолади. Аксарият тупроқларда бу ҳолат тупроқ намлиги 60% гача камайганда бошланади, енгил ва гумуси кам тупроқларда бу 63-65% бўлганда бошланса, оғир ва гумуси кўп тупроқларда эса 55-58% да бошланади. Шу ерда бир савол туғилади, нега намлик 60% дан камайса ўсимликларни сув ўзлаштириши қийинлашади, 50-55% бўлсаям капиллярларда сув борку. Тўғри, сув бор, бироқ бу сув 60% дан камайгани сари тупроққа боғланиб бораверади, яъни, тупроқни ҳам худди илдизларникига ўхшаган сўриш кучи бўлади. Капилляр найчалардаги сув 15-20% га тушганда, бу сув тупроққа кучли боғланади, илдиз эса бу сувни деярли ололмай қолади. Чунки, илдизлар: жуда кичик бўлган илдиз тукчалари орқали капилляр найчалар ичига кириб бориб, ундаги сувни сўриб олади, бу тукчаларда сўриш кучи унча катта эмас, кўпчилик экинларда сўриш кучи 15 атмосферадан юқори бўлмайди, масалан, бир паллали ўтсимон ўсимликларда сўриш кучи 1-3 атмосфера бўлса, икки паллали ёғочсимон ўсимликларда юқорироқ бўлади. Қачонки, илдиз сўриш кучи тупроқ сўриш кучидан устун келса, бу сувни ололади. Экинларни сувсизликка чидамли ёки чидамсиз бўлиши ҳам уларни илдизларини сўриш кучига боғлиқ. Капилляр найчаларда сув кўпайгани сари, бу сув оғирлашиб, илдиз тукчаларига сувни сўриш осонлашади. Умуман, табиий равишда, яъни, ҳеч қандай суғоришларсиз ҳам тупроқларда маълум даражада намлик бўлади. Бу қумли тупроқларда ЧДНС ҳисобида 10-15% дан ошмайди, лекин, оғир тупроқларда ва структурали, гумуси кўп тупроқларда 30-35% бўлади. Тупроқда намлик камайиб, ўсимликлар ўзлаштира олмайдиган даражага етганда, ўсимликлар сўлиб бошлайди, агрономияда тупроқдаги бу намликка сўлиш намлиги дейилади. Яъни, экинлар бирор касаллик ёки зараркунандаларга учрамаганда, зарарли тузлар бўлмаганда, озиқ моддалар етарли бўлганда ҳам сўлиб қолаверса, демак тупроқда фойдали намлик қолмаган бўлади. Намликни қўлда аниқлашга эринсангиз агроаптекаларда намликни ўлчаб берувчи асбоблари бор, ерга суқасиз ўзи ёзиб кўрсатади.