Яъни, далаларимизга куз, қиш, баҳор ойларида тушадиган қор-ёмғирларни йиғишни ва шу фаслларда бекорга оқиб ётадиган ариқ сувларидан самарали фойдаланиб қолишни, яъни, НАМ ТЎПЛАШНИ ўрганамиз. Табиат қонуни бўйича ерлар қанча баландликка жойлашаверса, ёғинлар миқдори шунча кўпайиб бораверади, масалан, энг пастликларда жойлашган чўл ҳудудларда ёғадиган ёғинлар миқдори йилига 70 мм дан 200 мм гача, тепалик-текисликларда 250-300 мм, тоғолди зоналарда 350-500 мм бўлади ва ерлар баландлашгани сари, масалан тоғларга яқинлашгани сари бу ёғинларни миқдори кўпайиб бораверади. Демак, бир гектарга тушган 1 мм ёғинни ҳажмга ҳисобласак, 10 куб сув бўлади, 1 куб сувни оғирлиги 1 т бўлади. Бизни суғорилиб деҳқончилик қилинадиган асосий ерларимизга йилига ҳар гектарга ўртача 300 мм қор-ёмғир ёки 3000 куб ёки 3000 т сув ёғади. Ана шу сувни эплаб, тупроқда ушлаб қолишга нам тўплаш, ёки тупроқда намни заҳира қилиш дейилади. Тўпланган бу намлик билан экинларни уруғини бемалол ундириш ва яхши майсалатиб олиш мумкин. Тўғри, бу ёғинларни ҳаммасини ҳам тупроқда сақлаб қолишни иложи йўқ, буни бир қисми оқиб кетади ва буғланади. Лекин, тупроқда нам тўплашни тўғри олиб борсак, катта миқдорда намни заҳира қилиб қўйиш мумкин. Кўп миқдорда нам тўплаш учун эса бир қанча агротадбирларни бажаришга тўғри келади, масалан, ерларимизга кўп миқдорда органик ўғитлар бериш, сидерат экинларни экиш керак. Чунки, тупроқда гумус, яъни, тупроқни органик қисми кўп бўлса, тупроқни нам сиғими ҳам катта бўлади, бу эса далаларимизга тушадиган ёғинларни ерга яхши синггишига ёрдам беради, тупроқ юзасидан оқиб кетишини олдини олади. Ёки, ер чуқур ҳайдалса, яъни, ҳайдалма қатлам остидаги зич қават, яъни плуг товон бузилса, баҳорги экинлар экилгунча тупроқни 1 м қатламида оддий ҳайдашга нисбатан 150-200 м куб кўпроқ нам тўпланади. Бизда сув фақат экинлар учун керак деган нотўғри бир тушунча бор, яъни, далада экин бўлмаса, ерга намлик ҳам керак эмас деб ўйлаймиз. Тупроқ бўлимида кўрдик, тупроқ тирик, жонли организм ҳисобланади, унда турли биологик ва химиявий жараёнлар содир бўлаверади, микроорганизмлар яшайверади, бу жараёнларни нормал бориши учун эса тупроқда ҳар доим, экин бўлса-бўлмаса, етарли намлик бўлиши керак. Ерда намлик камайса, тупроқдаги тирик организмлар нобуд бўла бошлайди, тупроқни унумдорлигини тиклаш ва оширишга хизмат қиладиган химиявий жараёнлар тўхтайди. Бизда эса экинлар йиғиб олингандан кейин, то ҳайдашгача ер қуп-қуруқ бўлиб ётаверади, яъни октябр-ноябр ойларига келиб, ерни 1 м қатламида нам етишмаслиги 1000-1500 м кубни, 1,5 м қатламида эса 1300-2000 кубни ташкил қилади. Ёмғирларга эса кўпам ишонмаслик керак, ҳатто ноябр ойи серёғин келганда ҳам, ерни узоғи билан 50-60 см қатламини намлай олади, бундан пасти эса қуруқ ҳолида қолади, бизда эса тупроқ қалинлиги 1,5-2м гача боради ва агар сизот сувлари яқин бўлмаса, шу қалинликдаги тупроқ ҳам намланиб туриши керак. Бунинг учун, яъни тупроқни 1,5-2 м қалинлиги ҳар доим намланиб туриши учун ҳар доим суғориб туриш керак. Албатта, бунда сув эррозиясига йўл қўймасдан ва сув ариқларда бекорга оқаётган вақтларда, экинларни йиғишга ёки ҳайдашга ва бошқа агротехник ишларга ҳалақит бермайдиган бўлса, суғориш керак, чунки, юқорида айтилгандай, тупроқ намсизланиб қолмаслиги керак. Экинлар бўлмаган вақтда суғориш кўпинча шудгордан кейин бошланиб, мартгача давом эттирилади, бунда тупроқда яхши нам тўпланади, яъни, англаган бўлсангиз, ёғин-сочинлардан йиғиладиган нам запасидан кўра, суғориш орқали тўпланадиган нам заҳираси анча катта бўлади. Бу суғоришларга кўпинча ЯХОБ СУВИ бериш дейилади. Умуман, яхоб суви бериш баҳор-ёзларда сув танқис ва куз-қишда ёғинлар кам бўладиган ҳамда шўрланмаган зоналар учун жуда қулай нам тўплаш усулидир. Бунда далалар бир-биридан 70 см дан то 120 см гача бўлган оралиқда, чуқур олинган эгатлардан суғорилади. Кўпинча яхоб суви беришда, қора совуқларда ерни буткул сувга бостирадилар, бу умуман мумкин эмас, чунки яхоб суви беришни ўз суғориш нормаси ва муддати бор.
КАМ БУМАНГ АКА ОЛЛОХ РОЗИ БУЛСИН