Ўзбекистонлик экспортчилар ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакилларидан иборат делегация Ўмон пойтахти Масқат шаҳрида музокаралар ўтказди. Ташриф доирасида тадбиркорлар «Хазайен» иқтисодий зонасида жойлашган йирик «Силал» (Silal) мева-сабзавот бозори фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Мулоқотларда «ErmakPlus», «Angelsey Food» ва «Uniagro Grup» каби маҳаллий компаниялар вакиллари иштирок этди. Тадбирнинг асосий мақсади миллий озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўмон бозорига етказиб бериш ва Форс кўрфази мамлакатларига экспорт ҳажмини кенгайтиришдан иборат бўлди.
Музокаралар якунида «Силал» бозори ҳудудида Ўзбекистон маҳсулотлари учун махсус савдо павильони ажратиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу майдонда юртимизда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги товарлари олти ой давомида хорижий харидорлар ҳамда ҳамкорларга намойиш этилади.
Яқин Шарқ бозорларига чиқишни режалаштираётган фермерлар ва экспортчилар учун янги имконият очилмоқда. Форс кўрфази мамлакатлари талабларига мос келадиган сифатли мева-сабзавотларни тайёрлаб, ушбу павильон орқали шартномалар тузиш мумкин.
Manba: UzA