
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган мулоқотда иссиқхона эгалари Қозоғистондан импорт қилинадиган кўмир нархи кескин ошиж бораётганидан шикоят қилишди. Божхона расмийлаштирувидан бир тоннаси 40 доллардан ўтадиган ёқилғи охир-оқибат иссиқхоначиларга 110 долларгача етиб бормоқда.
Тадбиркорларнинг таъкидлашича, нархнинг қарийб 2,75 бараварга ошишига темирйўл логистикаси, қайта юклаш ва сақлаш харажатлари, шунингдек, воситачиларнинг савдо устамалари сабаб бўлмоқда. Илгари кўмир тушириладиган 66 та темирйўл майдончаси ягона корхона назоратида бўлган. Эндиликда ушбу тизим бозор механизмларига ўтказилаётган бўлса-да, инфратузилма етишмовчилиги ва ортиқча тўловлар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, иссиқхона эгалари импорт кўмирини фақат темирйўл орқали олиб кириш талабидан азият чекишмоқда. Чекка ҳудудлардан кўмирни юк машиналарида арзонроқ келтириш имконияти чекланган. Мавсумда вагонлар ва темирйўл шохобчалари етишмаслиги сабабли етказиб беришда узилишлар юзага келмоқда.
Қишги мавсумда иссиқхонани иситиш харажатларини олдиндан тўғри ҳисоблаб чиқинг ва ёқилғини воситачиларсиз, имкон қадар барвақт шартномалар асосида харид қилишга ҳаракат қилинг.
Manba: Gazeta.uz (o‘zbekcha)