Иорданиянинг “Manaseer Group” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги шўрланган қишлоқ хўжалиги ерларини қайта тиклаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича янги лойиҳа бошланади. Дастлабки босқичда махсус инновацион препаратлар Тошкент, Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги майдонларда синовдан ўтказилади. Тажриба ишлари ғўза, буғдой ҳамда картошка экинларида олиб борилади.
Дала синовлари 2027 йилнинг март ойидан ноябрь ойигача давом этади. Жараёнга маҳаллий олимлар ва хорижий мутахассислар жалб этилади. Кейинги босқичда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги 1 минг гектар майдонда пилот лойиҳа амалга оширилади. Бунда экинларни анъанавий шўр ювиш ва бостириб суғориш усулларисиз етиштириш технологиялари амалиётга жорий этилади.
Ушбу ташаббус тупроқнинг шўрланиш даражасини пасайтириш, сув ресурсларини тежаш ва асосий экинлар ҳосилдорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Шўрланган майдонларда анъанавий шўр ювишдан воз кечиб, тупроқ унумдорлигини оширувчи замонавий препаратлар ва сув тежовчи усулларни қўллаш орқали ҳосилдорликни сақлаб қалиш ва харажатларни камайтириш мумкин.
Manba: UzA