Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нафақат савдо шохобчаларида, балки маҳсулот етиштириладиган далалардан бошлаб амалга оширилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида 742 тоннадан ортиқ сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар савдодан олинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, текширувлар давомида 699 та назорат тадбирлари ўтказилиб, 670 дан зиёд тадбиркорлик субъектида камчиликлар аниқланган. Асосий эътибор маҳсулотлар таркибидаги пестицидлар, оғир металл тузлари ҳамда антибиотиклар миқдорини аниқлашга қаратилмоқда. Агар етиштирилган ёки келтирилган маҳсулот стандартларга жавоб бермаса, унинг савдоси тўхтатилиб, белгиланган тартибда йўқ қилинади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда меъёрларга риоя қилиш ва уларни тўғри сақлаш истеъмолчилар саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли давлат назорат органлари маҳсулотнинг келиб чиқиши ва ташилиш шароитларини алоҳида текширувдан ўтказмоқда.
Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда пестицид ва ўғитларни меъёрида қўлланг ҳамда ҳосилни харидорларга юборишдан олдин хавфсизлик ва санитария талабларига пўхта риоя этинг.
Manba: UzA